“Ўзбекистонда иқтисодий барқарорлик ва ўсиш учун актуарий соҳасини такомиллаштириш” мавзусидаги давра суҳбати
1-August, 2023
2023 йилнинг 31 июль куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастурининг “Суғурта ва рискларни молиялаштиришни такомиллаштириш" лойиҳаси (IRFF лойиҳаси) томонидан “Ўзбекистонда иқтисодий барқарорлик ва ўсиш учун актуарий соҳасини такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вазирликлар ва идоралар, Суғурта бозори профессионал иштирокчилари уюшмаси, Актуарийлар уюшмаси, суғурта компаниялари, илмий-тадқиқот институтлари, мустақил экспертлар, шунингдек БМТТД ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар ва компаниялар вакиллари иштирок этишди.
БМТТДнинг Инклюзив ўсиш кластери ходими Пишенбай Умирбеков кириш сўзида БМТТД лойиҳалари томонидан Ўзбекистон ҳукумати билан амалга оширилётган ишлар тўғрисида қисқача маълумот берди. Жумладан БМТТД ва Миллиман компаниясининг актуар соҳадаги қўшма дастури – БМТТД-Миллиман Глобал актуар ташаббуси тўғрисида тўхталди.
Давра суҳбати кун тартибига кўра Миллиман компанияси экспертлари - БМТТД-Миллиман “Глобал актуар ташаббуси» дастури менежери Онг Си хоним (Сингапур), Миллиман компаяниясининг Сиэтлдаги (АҚШ) офисининг бош директори Меридет Рандлес хоним ва Миллиман компанияси Чикаго офиси ходими жаноб Эдвард Московски (Канада) тақдимоти тингланди.
Миллиман глобал суғурта индустриясига актуар хизматлар кўрсатувчи йирик ташкилотлардан биридир. Миллиман компанияси дунёнинг 64 та давлатида ўз офисига эга, 4500 дан ортиқ ходимлар ишлайди. БМТТД-Миллиман Глобал актуар ташаббуси доирасида дунёнинг 27 та давлати ҳукуматларига тавсиялар бериш кўзда тутилган. 9 та давлатда, жумладан Миср, Непал, Нигерия, Колумбия, Гана, Эфиопия, Танзания, Эквадор ва Ўзбекистонда фаолиятини бошлади.
Ўзбекистонда 42 суғурта компанияси мавжуд бўлиб, бор йўғи 5 та актуарий хизмат кўрсатмоқда. Талаб ва таклиф орасидаги бўшлиқ аниқ ва равшан кўриниб турибди. Ушбу бўшлиқни бартараф этиш жараёни бир неча йил давом этади ва барча манфаатдор томонлар – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Суғурта бозори профессионал иштирокчилари уюшмаси, Ўзбекистон актуарийлари уюшмаси, суғурта компаниялари, университетлар, илмий марказлар ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигини талаб қилади.
Ривожланган суғурта индустриясини яратиш учун бизга олдинга силжишимизга ёрдам берадиган яхши актуарийлар керак. Актуарийлар фаолияти фақат қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобот тайёрлаш билан чекланмаслиги керак. Актуарийлар фаолияти инновацион суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш, суғурта компанияларига ўз бизнесларини яхшироқ бошқаришлари учун хатарларни олдиндан аниқлаш, самарадорликни баҳолаш ва катта ҳажмдаги маълумотлар базаси таҳлилини ҳам ўз ичига олади.
Бугун таклиф қилинаётган “Йўл харитаси” ҳам ҳукумат, ҳам суғурта ташкилотлари, университетлар ва бошқалар биргаликда тарғиб қилишга ва сармоя киритишга рози бўлган харита бўлиши кутилмоқда.
Давра суҳбати иштирокчилари томонидан Миллиман компанияси экспертларига берилган саволлар, таклиф этилаётган Йўл харитасининг бажарилишида тўсқинлик қиладиган муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан билдирилган фикрлар қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Йўл харитаси бўйича барча ижобий ва салбий томонларини синчиклаб ўрганиш, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш тавсия қилинди.